Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жон Бреннан 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар  ҳақидаги маърузанинг махфий қисми чоп этилишига қарши чиқди, деб ёзади «РБК». Бреннаннинг баёноти NBC телеканали эфирида янгради.

Жон Бреннан. Фото: Reuters

Жон Бреннан. Фото: Reuters

МРБ раҳбари сўзларига кўра, конгресснинг текшируви «дастлабки ҳисобот» бўлган, холос. Охир-оқибат унда кўтарилган масалалар 9/11 терактини текшириш бўйича комиссия томонидан «тўлиқ тадқиқ қилинган ва ўрганилган».

«Комиссия аъзолари Саудия ҳукумати ёки алоҳида саудиялик амалдорлар ‘Ал-Қоида’га молиявий кўмак кўрсатганини исботловчи ҳеч қандай далиллар бўлмагани ҳақида аниқ айтиб ўтди», — деди Бреннан.

«Ўйлашимча, баъзи одамлар Саудия Арабистонининг иштирокини кўрсатиб бериш учун тасдиқланмаган, текширилмаган ахборотга ёпишиб олиши мумкин, буни эса мен жуда жуда нотўғри деб ҳисоблайман», — дея қайд этди у.

Терактлар текшируви ҳақидаги ҳисобот 2002 йилда эълон қилинган, аммо унинг 28 саҳифалик қисми президент кичик Жорж Буш қарори билан махфий бўлиб қолган эди. АҚШ ОАВлари ушбу қисмдан хабардор бўлган кишиларга таяниб, у ерда Саудия Арабистонининг баъзи жисмоний ва юридик шахслари терактларга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирилишини ёзган эди.

Апрелда ҳисоботнинг 28 саҳифалик қисмидан «ўта махфий» белгиси олиб ташланиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар