Футбол бўйича Европа Лигаси мусобақасининг ярим финал дастлабки учрашувлари ўз якунига етди. Нуфузи жиҳатдан Европа қитъасида иккинчи рақамли клублар мусобақаси ҳисобланган турнир финалида тўп суриш учун Испания клублари биринчи қадамни ташлади.
Лвов шаҳрида мусобақанинг сўнгги икки йилдаги ғолиби «Севилья»ни қабул қилган «Шахтёр» 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Витолонинг тезкор голига биринчи бўлимнинг ўзида мезбонлардан Марлос ҳамда Тарас Степаненко бир мартадан жавоб қайтарди — 2:1. 82-дақиқага келиб польшалик бош ҳакам мезбонлар дарвозаси томон пенальти белгилади ва уни Кевин Гамейро аниқ амалга ошириб, якуний натижани ўрнатди.
Бир йил муқаддам Европа Лигасининг финалида Украинанинг бошқа бир клуби «Днепр» тўп сурган ва финалда айнан «Севилья»дан енгилганди. Маълумот учун айтиш керакки, сўнгги икки мусобақа ғолиби «Севилья» ярим финал беллашувларининг биринчисида мағлубиятга учрамаганди. Бу сафар ҳам Унаи Эмери жамоаси ўша анъанасини давом эттирди.
Иккинчи жуфтликда «Вильярреал» ўз майдонида «Ливерпуль»ни қабул қилиб, 1:0 ҳисобида зафар қучди. Англия клуби нимчорак ва чорак финал беллашувларининг сафар ўйинларида дуранг ўйнаб, «Энфилд»даги ғалабалари эвазига навбатдаги босқичга йўлланма олганди. «Вильярреал»га қарши ярим финал ўйинида эса Юрген Клопп жамоаси 92-дақиқада гол ўтказиб юборди.
Европа Чемпионлар Лигасида иштирок этаётган испан клублари каби, Европа Лигасидаги юришини давом эттираётган Испания клублари ҳам жавоб ўйинлари олдидан имкониятни яхшилаб олди. Ҳали ҳеч бир клуб кетма-кет уч марта зафар қучмаган Европа Лигасининг жавоб беллашувлари 5 май куни ўтказилади.
Европа Лигаси Ярим финал ўйинлари 28 апрель, пайшанба
Изоҳ (0)