БМТ Хавфсизлик Кенгаши КХДР томонидан 28 апрель куни муваффақиятсизлик билан якунланган ракета учиришларига жавоб чораларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Хавфсизлик Кенгашига раислик қилувчи хитойлик дипломат Лю Цзеи журналистларга маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
«Биз жавоб чораларини кўриб чиқмоқдамиз», — деди у.
БМТ қошидаги Япониянинг доимий вакили Мотохиде Йосикава, ўз навбатида, Хавфсизлик Кенгаши бир кун ичида Пхеньяннинг ҳаракатларини қораловчи баёнот билан чиқишини маълум қилди. Ҳужжат лойиҳаси АҚШ томонидан тайёрланди.
Аввалроқ Жанубий Корея миллий мудофаа вазирлиги КХДР 28 апрель, пайшанба куни 4 минг километр масофани қамраб олишга қодир ўрта радиусдаги, «Мусудан» туркумига мансублиги айтилаётган баллистик ракеталарнинг иккита муваффақиятсиз синовини амалга оширганини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)