2016 йилнинг 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Бурианни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати ахборот берди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳамда халқаро ва минтақага оид мавзулар муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида икки томонлама шаклдаги ва ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги ҳамкорлик стратегияси доирасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёни юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда бўлажак қўшма тадбирлар, жумладан, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Ўзбекистон нефть ва гази — OGU-2016» халқаро конференциясида ЕИнинг юқори даражадаги делегацияси иштирокининг амалий жиҳатлари ҳамда парламентлараро ва бошқа учрашувлар, Ўзбекистон ва ЕИ томонидан ташкил этилган ҳамкорлик институтлари мажлислари жадвали ҳам кўриб чиқилди.
Музокараларда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Юрий Штерк иштирок этди.
Изоҳ (0)