Samsung компанияси чоп этган 2016 йилнинг биринчи чораги учун молиявий ҳисоботда тушумнинг рекорд кўрсаткичлари қайд қилингани эътироф этилди. Аммо эришилган натижа ўз ҳисоботини тақдим этган Apple тушумининг бор-йўғи 24 фоизига тенгдир, деб ёзмоқда «Hi-Tech.Mail.ru».
Ҳисобот даврида Samsung 49,8 триллион вона (43,6 миллиард доллар) тушумга эга бўлди, ўсиш 5,7 фоизни ташкил қилди. Операцион даромад 6,7 триллион вонага (5,86 миллиард доллар), соф даромад 5,15 триллион вонага (4,6 миллиард доллар) тенг бўлди.
Даромаднинг катта қисми смартфонлар харидидан келди — ҳисобот даврида бундай гаджетлардан 92 миллион дона сотилди. Уларнинг харидидан олинган чораклик тушум 42 фоизга (рекорд даражада) ўсиб, 3,9 триллион вонага (3,41 миллиард доллар) етди.
Харидлар ҳажмининг ошишида Samsung Galaxy S7 ва S7 edge бирламчи аҳамият касб этди; келажакда Samsung A ва J серияларининг янги бюджет моделларини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.
Компаниянинг дисплей бизнеси эса кескин салбий динамика намоён этди. 2015 йилнинг биринчи чорагида бўлинманинг тушуми 520 миллиард вонани (460 миллион доллар) ташкил этган эди; 2016 йилнинг шу даврида кўрсаткич 270 миллиард вонага (240 миллион доллар) тенг бўлди, тушиш 52 фоизни ташкил этди.
Аммо Samsung Apple билан OLED-экранлар етказиб бериш бўйича янги шартнома имзолагани боис вазиятнинг ўзгариши кутилмоқда.
Процессорлар, хотира ва бошқа қисмлар билан шуғулланувчи яримўтказгичлар бўлинмасининг операцион даромади тушиб кетди — 2,6 триллион вона (2,28 миллиард доллар), тушиш — 6 фоиз. Бунга асосий сабаб — уй компьютерларига бўлган талабнинг тушиши боис хотира модули нархининг пасайиши.
Экспертларнинг баҳолашича, иккинчи чоракда компания телефон ва смартфонлари хариди кўрсаткичлари бирмунча пасаяди. Смартфонларнинг ўртача нархи бироз кўтарилади, лекин бу жиддий ўзгариш ясамайди.
Прогнозларга кўра, Samsung 2016 йили 52 миллион дона Samsung Galaxy S7 ва S7 edge сотиши мумкин. Бу 2016 йил биринчи чорагидаги iPhone хариди кўрсаткичларига яқин сондир.
Изоҳ (0)