Кеча, 27 апрель куни «Навбаҳор» клуби раҳбарияти, мураббийлар штаби ва жамоа аъзолари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда «Навбаҳор» жамоасининг 2016 йилги Олий Лига баҳсларининг дастлабки олти турдаги иштироки муҳокама қилинди, деб хабар беради клуб матбуот хизмати.
Йиғилишда Наманган шаҳар ҳокими иштирок этиб, «Навбаҳор» футбол клуби президенти Баҳодир Бекходжаев жамоа учун барча шарт-шароитлар яратиб берилаётган бўлишига қарамай, натижалар ижобий кўриниш олмаётганлигини айтди ва вазиятни ўнглаш мақсадида чора кўрилиши лозимлигини эътироф этди.
Клуб президенти жамоада бош мураббий сифатида иш юритган Рашид Ғофуров 27 апрель куни саломатлиги ва ўз аризасига биноан вазифасидан озод этилганлигини билдириб ўтди. Шунингдек, мураббийлар штабида қисқартириш амалга оширилгани туфайли мураббийлар Шуҳрат Мирхолдиршоев ва Шерзод Жўраев билан тузилган шартномалар ҳам бекор қилинганлиги таъкидланди.
27 апрелдан жамоа бош мураббийи вазифасини Александр Волков бажариши маълум қилинди. Ўз навбатида давра якунига кўра жамоа аъзолари олдига 2015 йилги натижадан кам бўлмаган вазифани бажариш қўйилди. Мураббий ва футболчилар зиммаларидаги вазифаларни бажара олмаса давралар оралиғида ўзаро тузилган шартномаларни кўриб чиқиш ҳақида огоҳлантирилди.
2015 йилги мавсумда «Навбаҳор» жамоаси Олий Лигани 8-ўринда якунлаган эди. Жорий мавсумда эса наманганликлар ўтказган олти учрашувда 4 очко жамғариб, 16 та клуб орасида 13-поғонани банд қилиб турибди.
Изоҳ (0)