АҚШнинг Ford автомобилсоз корпорацияси АҚШ ва Канадада сотилган 202 минг автомобилни автоматик ўтказмалар қутисидаги нуқсон боис таъмир учун чақириб олади. Бу ҳақда, компания расмийларининг баёнотига таяниб, «Ведомости» хабар бермоқда.
Сервис акцияси 2011–2012 йилларнинг F-150 пикапларини, шунингдек, 2012 йилнинг Expedition ва Lincoln Navigator йўлтанламасларини қамраб олади.
Тилга олинган автомобилларда заводдаги хатолик туфайли трансмиссия нуқсони вужудга келган — у кутилмаганда ҳаракат чоғида биринчи тезликка ўтиб қолиши мумкин. Бу носозлик туфайли камида учта автоҳалокат содир бўлгани маълум.
Бундан ташқари, 2014–2015 йилларнинг 80 мингта Explorer кроссоверлари ҳам таъмир учун қайтариб олинади.
Барча нуқсонлар бепул бартараф этилади.
Изоҳ (0)