Мадриднинг «Реал» жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан клуб ҳужумчиси Криштиану Роналду жароҳати туфайли «Райо Вальекано»га қарши Испания чемпионати 35-турини ўтказиб юборишини тасдиқлади, деб хабар беради «Uff.uz».
Аввалроқ Marca нашри 31 ёшли футболчи жароҳат туфайли «Райо Вальекано» билан ўйинда майдонга туша олмаслиги ҳақида хабар берган эди.
«Роналдунинг жароҳати оғир эмас, лекин у ‘Райо Вальекано’га қарши ўйинни ўтказиб юборади. Ҳозир унга кўп юклама бера олмаймиз. Албатта, Криштиану майдонга тушишга ошиқмоқда, лекин туша олмаслигини ўзи ҳам билади. Эртага финал бўлган тақдирда ҳам, уни захирада қолдирган бўлардик. Чунки бу катта таваккалчилик бўларди», – деди Зидан.
«‘Манчестер Сити’га қарши дастлабки ўйинга қадар унинг ҳолатини кузатамиз ва шундай кейин унинг иштироки борасида аниқ қарорга келамиз. Роналду ‘Реал’нинг ажралмас бир қисми, лекин жамоа эртанги ўйинга усиз ҳам тайёр», – дея қўшимча қилди франциялик мураббий.
Маълумот учун, «Райо Вальекано» – «Реал» учрашуви бугун, 23 апрель куни, соат 19:00 да бошланади. «Манчестер Сити» – «Реал» ўртасидаги ЕЧЛ ярим финал дастлабки учрашув 26 апрель, сешанба куни Манчестер шаҳрида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)