22 апрель, жума куни Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциациясида мини футбол бўйича Паралимпия кубоги учун турнир ўтказилди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Мазкур мусобақада Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Миллий паралимпия ассоциацияси, шунингдек, бокс, таэквондо, теннис ва сузиш бўйича Республика спорт федерацияларининг ходимларидан ташкил топган жамоалар иштирок этди.
Иштирокчилар баҳсларни чорак финалдан бошлади. Дастлаб, Ўзбекистон бокс федерацияси жамоаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Иккинчи ўйинда Миллий олимпия қўмитаси жамоаси Ўзбекистон теннис федерацияси жамоасини 4:1 ҳисобида енгди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси жамоаси Ўзбекистон сузиш федерацияси жамоасидан 5:1 ҳисобида устун келди. Турнирда жами 7 та жамоа иштирок этганлиги боис, Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси жамоаси тўғридан-тўғри ярим финалга чиқди.
Финал йўлланмаси учун кечган баҳсларда таэквондо ассоциацияси вакиллари бокс федерацияси жамоасига 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Миллий олимпия қўмитаси жамоаси эса Миллий паралимпия ассоциацияси жамоаси дарвозасига жавобсиз олтита тўп йўллаб, иккинчи ўйинда ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Финал учрашувида Миллий олимпия қўмитаси жамоаси Ўзбекистон бокс федерациясини 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратиб, бош совринни қўлга киритди.
Изоҳ (0)