Шу йилнинг 22–23 апрель кунлари Россиянинг Ульяновск шаҳридаги «Волга-Спорт-Арена» муз саройида Бутунжаҳон бокс серияси (WSB)нинг VI мавсум чорак финалида Ўзбекистоннинг Uzbek Tigers боксчилари Россиянинг Russian Boxing Team жамоасига қарши жанг ўтказади, деб хабар бермоқда «Оламспорт».
Uzbek Tigers жамоаси ўз гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, россиялик боксчилар ўз квартетлари ғолибига айланган эди. Ҳар икки жамоа бош мураббийлари таркибни эълон қилди. Жаҳон вице-чемпиони Бектемир Мелиқўзиев илк бор Uzbek Tigers таркибига киритилди.
Russian Boxing Team – Uzbek Tigers
-49 килограмм: Батор Сагалуев – Ҳасанбой Дўсматов.
-56 килограмм: Абдулҳаким Ботиров – Муроджон Аҳмадалиев.
-64 килограмм: Авак Узлиян – Анвар Туропов.
-75 килограмм: Александр Агафонов – Бектемир Мелиқўзиев.
-91 килограмм: Илья Квасников – Рустам Тўлаганов.
Россия ва Ўзбекистон жамоаларидан ташқари ярим финал йўлланмалари учун Куба – Мексика, Буюк Британия – Украина ҳамда Қозоғистон – Венесуэла жуфтликлари ҳам ўзаро рингга кўтарилади. Мусобақанинг амалдаги чемпиони Қозоғистоннинг Astana Arlans жамоаси ҳисобланади.
Маълумот учун, Бутунжаҳон бокс сериясининг VI мавсуми якунида шахсий рейтинг бўйича 10 та вазн тоифасида 17 нафар боксчига Олимпиада ўйинларига йўлланмалар тақдим этилади.
Изоҳ (0)