Англия миллий терма жамоаси бош мураббийи Рой Хожсон «Манчестер Юнайтед» клуби аъзоси Уэйн Рунининг нафақат Евро—2016 турнирида иштирок этиши, балки жамоа сардори бўлиб қолишини маълум қилди. Бу ҳақда «Чемпионат» Goal нашрига асосланиб хабар берди.
«Мен Рунини нафақат сардорлик боғичидан маҳрум қилиш, балки Евро—2016 таркибига умуман киритмаслик учун бирорта ҳам сабаб кўраётганим йўқ», — деб таъкидлади Рой Хожсон.
«Тушунаман, катта мусобақа олдидан таркиб борасидаги саволлардан қутулиб қолишнинг иложи йўқ. Лекин нима учун Рунини таркибга қўшмаслигим кераклигини тушуна олмаяпман. Уэйн ажойиб сардор ва сўнгги икки мавсумни кўтаринки руҳда ўтказди. У Евро—2016 да иштирок этадиган 23 нафар футболчи ичида бўлишга тўла ҳақли», — деб Хожсоннинг сўзларидан иқтибос келтирган Goal.
Уэйн Руни жорий мавсум ҳисобидан «Манчестер Юнайтед» сафида жами 35 та ўйин ўтказиб, 14 та гол уришга муваффақ бўлди. Фақатгина Англия Премьер-лигаси таснифида олинса, Рунининг ҳисобида 24 та ўйиндан кейин 7 та гол бор. Евро—2016 да Англия терма жамоасининг асосий ҳужумчилари бўлиши кутилаётган Ҳарри Кейн 24 та, Жейми Варди эса 22 та гол уришга эришган.
Маълумот учун, 2003 йилдан буён Англия миллий терма жамоаси сафида 109 та ўйин ўтказган Руни, 51 та гол уришга муваффақ бўлган. Бош жамоа сафида энг кўп тўп киритган футболчи айнан Руни ҳисобланади.
Изоҳ (0)