Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Елмурат Тасмурадов (-59 кг) Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида ўтказилаётган биринчи жаҳон лицензион турнирида муваффақиятли иштирок этиб, Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўлланма олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Саралаш мусобақаларида Исроил, Швеция ва Венгрия терма жамоаси аъзоларини мағлуб этган Елмурат ярим финалда Жанубий кореялик Сёнгхак Кимга имкониятни бой берди. Шундан сўнг, ўзбекистонлик спортчи бронза медали учун кечган беллашувда болгариялик Серафим Ангеловни 8:0 ҳисобида енгди.
Қоидага кўра, финалчилар тўғридан-тўғри Олимпиада ўйинлари йўлланмасига эга бўлади. Бронза медали соҳиблари эса Рио–2016 Олимпида ўйинларининг лицензиялари учун ўзаро баҳс юритади. Олимпиада йўлланмаси учун кечган беллашувда Елмурат грузиялик рақиби Реваз Лашхини 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, Рио–2016 ўйинларининг йўлланмасига эга бўлди.
Шундай қилиб, ўзбекситонлик спортчилар томонидан Рио–2016 ўйинларига қўлга киритилган йўлланмалар сони 68 тага етди. Шундан 25 таси паралимпиячиларга тегишли.
Бугун, 22 апрель куни, ўзбекистонлик курашчи Мўминжон Абдуллаев (-130 кг) Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун гиламга чиқади. Энг оғир вазн тоифасида бронза медалга сазовор бўлган Мўминжон Рио–2016 ўйинларининг йўлланмаси учун болгариялик Мирослав Митодиевга қарши баҳс юритади.
Изоҳ (0)