Покистонда номаълум жангарилар болаларни полиомиелитга қарши эмлаётган шифокорларга қарши ҳужумлар уюштирди. Бу ҳақда Dawn телеканали ахборот берди.
Воқеа Синд вилоятининг Карачи шаҳрида содир бўлди. Тўртта мотоциклга минган саккиз киши тиббиёт ходимини ўраб олиб, унинг исмини сўради. Яқин атрофда турган полициячи суҳбатга аралашди, аммо мотоциклдаги шахслар унга қарата ўт очди. Яна икки полициячи воқеа жойига етиб келди, лекин сон жиҳатдан устун бўлган жиноятчилар ҳуқуқ-тартибот ходимларининг барини отиб ташлади.
Бир муддатдан сўнг шу жиноий гуруҳнинг ўзи шаҳарнинг бошқа қисмида шифокорларни қўриқлаётган полиция нарядига ҳужум уюштирди, бунинг оқибатида тўрт нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлди.
Шифокорлар орасида қурбонлар бўлгани ҳақида маълумот берилмади.
Бирорта террорчи гуруҳ ҳозирча ушбу хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
Вакцинация кампанияси вақтинчалик тўхтатилиб, Карачига қўшимча полиция кучлари ташланди. Синд полицияси инспектори, генерал Хаважанинг таъкидлашича, эмлаш тадбирлари ҳар қандай шароитда ҳам охирига етказилади.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига қараганда, Покистон ҳозирги кунга қадар полиомиелит бутунлай йўқ қилинмаган дунёдаги уч давлатдан биридир. Бу рўйхатда, Покистондан ташқари, Афғонистон ва Нигерия бор. Ҳукумат кўп йиллардан буён хасталикка қарши кураш олиб боради, лекин маҳаллий аҳоли эмлаш бепуштликка олиб келади деб ҳисоблаб, тиббий акцияларда иштирок этишдан бош тортади. Радикал гуруҳлар эса шифокорларни Покистон ёшларини йўлдан ураётган Ғарб жосуслари деб билади.
Изоҳ (0)