30 апрель куни 70 ёшга тўладиган Швеция қироли Карл XVI Густав, ўзига тенгдош бўлган кўплаб ватандошларидан фарқли ўлароқ, пенсияга чиқишга шошилмаяпти. Бу ҳақда монарх юбилей арафасида ТТ ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
«Биз, Бернадотлар, қалбимиз ёшлигича қолади, дейишни яхши кўрамиз. Шу боис биз ҳеч қачон қаримаймиз», — унинг сўзларини келтиради «РИА Новости».
Бундан ташқари, қирол Швециянинг келажагига ишонишини айтди.
«Бу миллатни олға бошлайдиган маданий барқарорлик ва узлуксизлик демак», — таъкидлади у.
Карл XVI Густав 1946 йилнинг 30 апрелида дунёга келган. У 1976 йилнинг 19 июнидан буён қиролича Сильвия билан аҳил яшаб келмоқда. Аслзода жуфтликнинг уч фарзанди бор — валиаҳд малика Виктория (1977), шаҳзода Карл Филипп (1979) ва малика Мадлен (1982).
Карл XVI Густав 1973 йилда, 27 ёшида бобоси Густав IV Адольфнинг вафотидан сўнг монарх деб эълон қилинган эди. Унинг отаси Густав Адольф 1947 йилда автоҳалокат қурбони бўлгач, шаҳзоданинг беваси тўрт қиз ва бир ўғил — бўлажак қирол билан қолди. Митти шаҳзода ўғил болалар билан кўпроқ мулоқот қилиши учун интернатга йўлланди ва ўша ерда улғайди.
Швециянинг бугунги монархлари Бернадот сулоласи вакиллари бўлиб, қироллик оиласига Наполеон Бонапартнинг маршали Жан Батист Бернадот бошланма берган. Аслзода бўлмаган француз ҳарбий хизматчиси 1810 йилда швед тожи вориси сифатида танланган эди. У 1818 йилда Карл XIV Юхан номи остида тахтга чиқди.
Швецияда қирол асосан рамзий-маросимий вазифаларни бажаради.
Изоҳ (0)