Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги қарорига кўра, жорий йилнинг май июнь ойларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилади, деб хабар беради ЎзА.
Самарқанд вилоятида 1245 фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 9 мингдан ортиқ маслаҳатчисини сайлаш кўзда тутилган. Жумладан, Булунғур туманидаги 62 фуқаролар йиғинида ҳам сайловлар ўтказилади.
Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2016 йил 19 мартдаги қарорига кўра, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси ва тадбирлар режаси тасдиқланиб, айни пайтда тайёргарлик жараёнлари қизғин давом этмоқда.
«Комиссиянинг дастлабки йиғилишида аъзоларнинг вазифалар тақсимоти ишлаб чиқилиб, улар ҳудудларга бириктирилди, – дейди туман кўмаклашувчи комиссияси раиси Замира Алиқулова. — Комиссиянинг 11 кишидан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилди. Комиссия ва ишчи гуруҳ аъзолари аввало ўзлари бириктирилган маҳаллада аҳоли ўртасида сайлов қонунчилиги юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борди. Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу юмуш тадбирлар режасида белгиланганидек, 1 апрелга қадар якунига етказилди. Қонун талаби асосида ишчи гуруҳ аъзолигига фуқаролар йиғинининг, тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, халқ депутатлари туман Кенгашининг депутатлари киритилди. Бугунги кунда ишчи гуруҳлар фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар кўрсатиш, фуқаролар йиғини вакиллиги нормасини белгилаш ва уларнинг рўйхатини шакллантириш ишларини олиб бормоқда».
«Қўнғирот» маҳалла фуқаролар йиғинида етти кишидан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Булунғур сув хўжалиги корхонаси ходими, шу маҳаллада яшовчи Норқўзи Очилов ишчи гуруҳ раиси этиб сайланган. Туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳам ушбу жараён аҳолининг фаол иштирокида амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)