Мадриднинг «Реал» жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан «Вольфсбург» клубига қарши ЕЧЛ чорак финал жавоб ўйини олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар беради «Чемпионат».
«Олдимизда муҳим ўйин турибди, лекин биз совуққонлик билан ҳаракат қилишимиз ва хотиржам ўйнашимиз керак бўлади. ‘Вольфсбург’ни 10–15 дақиқа ичида мағлубиятга учрата олмаймиз. Агар рақиб бизга гол кирица, вазият оғирлашади, аммо бу ҳодиса ҳам рўй бериши мумкин. Илк дақиқаларидан эътиборни ўйинга қаратиш керак. Биз гол уришимиз лозим ва бунинг учун 90 дақиқа вақтимиз бўлади», — деди франциялик мутахассис.
«Мухлислар сифатли ўйин кўришни истайди. Ишончим комил, биз айнан шундай ўйин кўрсатамиз. Дастлабки баҳс натижаси, вазифамизни қийинлаштириш билан бирга, унга жозибадорлик келтиради. Мухлисларимизни яхши кўрамиз ва уларнинг далдаси, айниқса, уй учрашувларида жамоа учун муҳим ҳисобланади. Мухлислар илк дақиқалардан сўнгги сонияларгача бизни қўллаб-қувватлашини хоҳлаймиз», – дея фикрига якун ясади Зидан.
Эслатиб ўтамиз, «Вольфсбург» жамоаси ЕЧЛ чорак финал дастлабки ўйинида «Реал»ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди. Жамоалар ўртасидаги жавоб ўйини бугун, 12 апрель куни Мадрид шаҳрида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 23:45 да бошланади.
Изоҳ (0)