Чеченистон раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Рамзан Қодиров Россия президенти Владимир Путинга Чеченистон республикасидаги бир нечта муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда ёрдам беришини илтимос қилиб мактуб ёзди. Бу ҳақда Meduza хабар беради.
Жумладан, Қодиров республикадаги мингга яқин нефть қудуғи, бир нечта нефтни қайта ишловчи завод, тўртта нефть базаси ва нефть билан боғлиқ бошқа активлар тегишли бўлган «Чеченнефтехимпром» компанияси акцияларининг 100 фоизини Чеченистон ҳукуматига беришни сўраган.
Қодировнинг сўзларига қараганда, Россия президенти ушбу активларни топшириш ҳақида 2015 йилнинг декабрида қарор қабул қилган, бироқ ҳукумат қарорни ҳалигача ижро этмаган.
Бундан ташқари, Қодиров Путиндан Грозний аэропортини реконструкция қилишнинг иккинчи босқичини ҳал этишда ёрдам беришини сўраган. Бунинг учун Чеченистон қўшимча молиялаштиришни сўраган. Мактубда, шунингдек, кўчки юз берадиган ҳудудлардан 25 минг кишини кўчириш билан шуғулланиш лозимлиги айтилган.
Изоҳ (0)