Европанинг Airbus Group СЕ авиаконцерни Германиянинг Siemens AG саноат конгломерати билан электрик самолётлар ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда, MarketWatch нашрига асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
Бу йўналишдаги тадқиқотлар билан 200 муҳандис шуғулланади. 2020 йилга келиб икки корпорация электр ва гибрид энергия манбаларини авиацияда қўллаш мумкинлигини исботлашни кўзламоқда.
«2030 йилга келиб 100 дан камроқ ўринга эга йўловчи самолётини гибрид энергетик тизим ёрдамида ҳаракатга келтириш мумкин бўлишига аминмиз, ва биз бунинг имкониятларини Siemens сингари биринчи даражали шериклар билан тадқиқ этмоқчимиз», — деди Airbus бош ижрочи директори Том Эндерс.
Siemens вакили Жо Кезернинг сўзларига қараганда, Airbus билан қўшма лойиҳа устида янги технологик трендларни тадқиқ этишга ихтисослашган Innovation AG бўлинмаси ишлайди.
Охирги йилларда асосан 100 дан ортиқ ўринга эга самолётлар ишлаб чиқарувчи Airbus ёқилғи истеъмолини камайтириш мақсадида электр двигателлари технологияларидан фойдаланишга инвестиция киритмоқда. Қуйидаги видеороликда унинг E-Fan номли икки ўринли электрик самолёти таништирилган. Намунавий нусха Ле-Бурждаги авиакосмик салонда 2013 йилда намойиш этилганди.
Изоҳ (0)