БААнинг Абу-Даби шаҳрида шахмат бўйича «Осиё Миллатлар Кубоги–2016» мусобақаси ўз якунига етди. Кеча, 5 апрель куни турнирнинг сўнгги, 9-тур учрашувлари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Оламспорт».
Ушбу мусобақада саккизинчи рақам остида таснифланган Ўзбекистон аёллар терма жамоаси сўнгги турда Шри-Ланка шахматчиларидан 3:1 ҳисобида устун келди. Нафиса Мўминова ва Севара Боймуродова рақибалари билан дуранг натижа қайд этди. Сарвиноз Қурбонбоева ва Ирина Геворгян эса рақибаларини мағлуб этиб, Ўзбекистон терма жамоасига муҳим ғалабани тақдим этди.
Якунда ўзбекистонлик шахматчи қизлар иккинчи ўринни эгаллади. Хитой терма жамоаси мусобақа ғолибига айланган бўлса, кучли учликдан қозоғистонлик шахматчилар жой олди.
Қайд этиш керакки, мусобақанинг 6-турида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси хитойлик шахматчиларни шов-шувли тарзда мағлубиятга учратган эди.
«Оламспорт»нинг маълум қилишича, мазкур мусобақада Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ҳам иштирок этди. Марат Жумаев бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси турнирда саккизинчи рақам остида ҳаракат қилиб, якунда 22 давлат терма жамоалари орасида бешинчи ўринни эгаллади. Сўнгги турда ўзбекистонлик шахматчилар иорданиялик шахматчиларни 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Иорданияга қарши кечган учрашувда Марат Жумаев, Алексей Барсов, Акмал Файзуллаев ва Никита Хорошев рақибларини мағлубиятга учратди.
Эркаклар ўртасида мусобақа ғолиблиги Ҳиндистон терма жамоасига насиб қилди. Кучли учликдан Хитой ва Қозоғистон терма жамоалари жой олди.
Изоҳ (0)