Ўзбекистонлик теннисчи Сабина Шарипова Япониянинг Кофу шаҳрида давом этаётган, соврин жамғармаси 25 минг долларга тенг ITF туркумидаги теннис турнирининг яккалик баҳсларини тарк этди.
Халқаро теннис федерацияси расмий сайтининг маълум қилишича, яккалик баҳслари биринчи даврасида ўзбекистонлик 21 ёшли теннисчи Япония вакили Хироко Куватага қарши кортга чиқди.
Биринчи сетни япониялик теннисчи 6:1 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. Иккинчи сетда 0:2 ҳисобида ортда бораётган Шарипова учрашувни давом эттира олмаслиги маълум бўлди у яккалик баҳсларидаги иштирокини якунлади.
Сабина Шарипова мусобақанинг жуфтликлар баҳсида ҳам иштирок этмоқда. «Sports.uz» хабарига кўра, Хитой Тайпейи вакили Пей-Чи Ли билан тандем ҳосил қилган Сабина Шарипова дастлабки даврада япониялик жуфтлик Юкико Мидорикава ва Карин Терамига қарши баҳс олиб борди ва 6:4, 6:3 ҳисобида зафар қучди.
Жуфтликлар баҳси чорак финалида Шарипова/Ли жуфтлиги мезбон теннисчилар Шуко Аояма ва Эрина Хаяши дуэтига қарши кортга чиқади.
Изоҳ (0)