Тишларимизнинг тақдири бир қарашда аввал бошидан маълумдек: сут тишлари чиқади, уларнинг ўрнини доимийлари эгаллайди, улар ҳам вақти-соати келганда тўкилиб кетади... Тишларнинг соғлом қолиши ёхуд тез зарарланиб, тушиб кетиши меросийликка, табиий шароитга, овқатланишга ҳамда ҳаёт сифатига боғлиқ.
EcoNet нашри бу алгоритмдан бироз қочиб, тишларни чуқур кексаликка қадар соғлом сақлаб қолиш мумкинлигини эътироф этмоқда. Ахир соч, тирноқ мунтазам ўсиб боради, жароҳатлар битади. Демак, тишлар ҳам ушбу қоидага бўйсунади, деб таъкидланади мақолада.
Тиш ҳимоясининг биринчи қатлами инсон организмидаги энг мустаҳкам тўқима бўлмиш эмалдир. Эмаль аслида ўзгартирилган эпителийдир. У 96–98 фоизга минерал моддалардан, 2–4 фоизга органик унсурлардан таркиб топади. Тиббий нуқтаи назардан олганда, рисоладагидек эмаль филь суяги рангида бўлиб, хира ялтираши лозим. Тиш ортиқ даражада оқ бўлса, бу минерал алмашинуви бузилганидан дарак бериши мумкин; ўз навбатида, садаф рангдаги эмаль анемиядан, сариқ — жигар хасталигидан ёки никотин суиистеъмолидан, жигар ранг — иммунитетнинг бузилиши ёки ошқозондаги патологиядан далолат.
Эмаль остида тишнинг асосий моддаси — дентин жойлашади. У қурилишига кўра суякка яқин, аммо ундан анча мустаҳкамдир. Тиш дентини бўйинча ва илдиз қисмида суякка ўхшаган ўта қаттиқ қоплама — цемент билан ҳимояланган. Лекин бу ҳимоя қўрғони қанчалар бақувват бўлмасин, асосий душмани — вақт олдида ожиздир. Тишларни сақлаб қолиш учун ҳаётни қўллаб-қувватлашнинг универсал механизми — регенерацияни ишга тушириш талаб этилади.
Тиш эмалини қайта тиклайдиган нарсалар: сабзи, лавлаги, карам шарбатлари, буғдой кепаги.
Яхши биламизки, вақт ўтиши билан вайрон бўлган уй ўз-ўзидан тикланиб қолмайди. Бунга куч, вақт ва меҳнат сарфланади. Тишларни тиклашда ҳам бу омиллар муҳим ўрин тутади. Фақат тирик жонгина қайта тикланиши мумкин.
Қайта тикланишнинг асосий шартларидан бири “ҳаёт маркази” деб аталган регенерация марказидир. Тишни озиқлантирадиган ва қайта тиклайдиган бундай марказ “пульпа” деб аталадиган асаб толасидир. Қон томирлари ва асаблар тишнинг тириклигини қўллаб-қувватлайди, уни зарур моддалар ҳамда ахборот билан таъминлайди, эскирган унсурлардан тозалайди, “чақирилмаган меҳмон”лардан ҳимоя қилади, тишнинг эҳтиёжларидан мияни бохабар этади. Пульпа — тишнинг организм билан алоқа маркази. Шу туфайли тиш тўқималарини қайта тиклаш учун асаб тирик бўлиши лозим.
Зарарланган тишларнинг қайта тикланиши учун озиқ моддалар узлуксиз етказилиши лозим. Булар — глюкоза, аминокислоталар, ферментлар, витаминлар, микроэлементлар, яъни кальций ионлари, фтор, фосфор, кремний. Пульпанинг қон томирлари орқали тишнинг барча тўқималари томон махсус каналлар — моддаларни тарқатиш йўллари ўтади.
Лекин пульпа тишни озиқлантиришнинг ягона манбаи эмас. Эмаль, дентин, цемент сингари қаттиқ моддалар ҳам оғиз бўшлиғидаги глюкоза, аминокислоталар, витаминлар, кальций ионларини сўриб олишга қодир. Бу моддалар тиш қатламларидан ўтиб, пульпага сингади.
Тиш ўзига зарур озиқ моддаларни биз тановул қилаётган овқатдан олиши мумкин. Шунинг учун овқатни яхшилаб чайнаш, тишларни кўпроқ ювиш ва шифобахш моддалар билан чайиш тавсия этилади. Тишларга озиқ моддалар етиб боришига камида икки дақиқа талаб қилинади.
Аммо бу принцип вайронкор моддаларга нисбатан ҳам амал қилади: кислоталар, шакар ва микроб токсинлари ҳам юқорида таърифланган йўл билан тишга сўрилади. Айтайлик, шакар нафақат хавфли кислоталар ишлаб чиқарувчи бактерияларнинг севимли емиши, балки организмга ўзлашиш асносида тиш қурилишидаги энг муҳим моддалардан бири — кальцийни тортиб олади. Шакар мисолида барча моддалар тишларга қандай йўллар билан таъсир ўтказиши мумкинлигини кўрамиз: бевосита, оғиздаги овқат орқали, ва билвосита — қон орқали. Қоннинг тозалиги ҳамма органларнинг соғлигини кўрсатувчи муҳим белгидир. Бу, ўз навбатида, тишларнинг соғлигида акс этади. Қадимда келин ёки куёв бўлмишнинг соғлиғини текширишда унинг тишларига эътибор қаратилган.
Қон ва сўлак тишларни тозалабгина қолмай, зарарли ва заҳарли моддалардан бартараф этади. Тишларни тозалаш хусусиятига эга маҳсулотлар сирасига мевалар ва сабзавотлар киради, биринчи навбатда — олма, сабзи, лавлаги ва карам.
Мева-сабзавот сўлак ажралишини кўпайтиради ва бу билан тишнинг ўз-ўзини тозалаш жараёнини қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, янги меваларда бактерияларни йўқ қилувчи фитонцид моддалар мавжуд.
Мевали дарахтлар ва буталарнинг (нок, бодрезак, четан, қорағат, чаканда) новдаларидан, сабзавотларнинг (сабзи, сельдерей) поясидан тўлақонли тиш чўткаси сифатида фойдаланиш мумкин.
Бунинг учун новданинг икки учини тишлаб, юмшатиш талаб этилади. Юмшатилган четлар чўтка вазифасини бажаради. Битта мана шундай табиий “чўтка” 2–3 марта ишлатилади.
Рим патрицийлари тиш тозалашда тухум пўстлоғи ва майдаланган суякларни асал, атиргул гулбарглари, ёнғоқ ва мирра билан аралаштириб тайёрланган махсус кукундан фойдаланган.
Қонда ва овқатда тишни тиклаш учун зарур моддаларнинг мавжуд бўлиши, тишларни зарарли моддалардан тозалаш ва таъмирлаш ишларини ўтказиш тизимининг йўлга қўйилиши муҳим бўлса ҳам, бунинг ўзи етарли эмас. Ўз вақтида ва ўрнида таъмирлашни ўтказа оладиган “малакали мутахассис”нинг ҳам бўлиши талаб этилади. Бундай ҳужайралар одонтобластлар деб аталади. Ушбу қурувчи ҳужайралар тишнинг яқин “қариндоши” — суякларда ҳам мавжуд бўлиб, остеобластлар дея номланади.
Ҳаёти давомида суяклар доимий равишда ўзини қайта қуриб боради: эски тўқималар қайта ишланиб, организмга кальций ва фосфор етказиб беради, янги тўқималар ҳосил бўлади. Бу каби мунтазам ўзгаришлар тишнинг қаттиқ тўқималарига ҳам хосдир.
Қурувчи ҳужайралар пульпанинг ташқи қатламида “яшайди”. Улар пульпани тишнинг қолган тўқималари билан боғлайди. Махсус каналлар орқали зарарланган тўқималарга қайта тикловчи моддалар юборилади. Ҳужайраларнинг бир қисми ҳалок бўлса ҳам, пульпада ҳар доим захира ҳужайралар бўлади ва улар керагида қурувчиларнинг ўрнини эгаллайди.
Қурувчи ҳужайралар тишни қайта тиклаш стратегияси ва тактикасини болалик давридан — сут тишлари ҳамда уларнинг ўрнида доимий тишларни шакллантириш кўникмаларидан ўзлаштирган: даставвал ҳужайралар тиш тўқималарини юмшоқ ҳолда яратади, сўнг, унга мустаҳкамлик бағишлаш мақсадида, каркасига минерал тузлар, асосан — кальций фосфатини сингдиради. Тиш узил-кесил шакллантириб бўлинганидан кейин ҳужайралар тишларнинг соғлиғини асраш борасида қайғуради.
Шу тариқа, айрим муаллифларнинг эътироф этишича, кариесдан омон қолиш мумкин. Бундай феноменни Тибетдаги ибодатхоналарга ташриф буюрган италиялик стоматологлар кузатган эди. Улар текширган 150 роҳибнинг 70 фоизи тиш оғриғи нималигини билмас, қолганлари эса жуда кам ҳолларда кариесга дучор бўлган эди.
Бунинг сабаби роҳибларнинг овқатланишидаги ўзига хосликларда эди. Тибет роҳибларининг анъанавий таомномасига арпали нон, қўтос сутидан бўлган сариёғ, Тибет чойи киради; ёз мавсумида булар қаторига шолғом, картошка, сабзи, гуруч қўшилиб, шакар ва гўшт чиқариб ташланади.
Кариес тишларга зарар етказиб бўлган тақдирда нима қилиш керак? Бу ҳолда уни тўхтатиш ва ҳатто жараённи ортга қайтариш мумкин. Стоматологлар кариеснинг ўз-ўзидан бартараф бўлишини, зарарланган тўқималар тикланишини, бунда тишнинг қайта тикланган қисми тўқроқ тусга киришини кўп кузатган. Гап шундаки, қурувчи ҳужайралар аниқланган зарарни бартараф қилиш ва тишни қайта тиклашда шу тиш яратилишида амал қилган кетма-кетликдан фойдаланади.
Агар кариес узил-кесил ғалаба қозонган, тишдан ҳеч нарса қолмаган бўлса-чи? У ҳолда протез қўйилади ёки...
Эътироф этилишича, янги тиш ўсиб чиқиши ҳам мумкин экан. У “тишларнинг учинчи марта алмашиши” деб аталади ва ўта кекса ёшдаги инсонларда кузатилади. Одамда тишларнинг учинчи авлоди муртаклари мавжуд эмас, лекин ҳамиша навқирон тўқималар қолдиқлари сақланади, улар кутилмаганда, номаълум сабабларга кўра ўзларининг вазифасини “эсга олади” ва тишга айланиш борасидаги салоҳиятини муваффақият билан амалга оширади.
АҚШнинг Техас штатидаги илмий-тадқиқот марказида бир гуруҳ олимлар доктор Макдугал бошчилигида тиш тўқималарини (эмаль ва дентин) ишлаб чиқарувчи махсус ҳужайраларни ўрганиб чиқди. Аниқланишича, уларнинг ишлаб чиқарилишига жавоб берадиган генлар фақат тиш шаклланиши вақтида фаоллик кўрсатади, кейин эса “ўчиб” қолади. Олимлар бу генларни яна “ёқиб”, тўлақонли тиш ўстиришга муваффақ бўлди (ҳозирча организмда эмас, пробиркада).
Албатта, тиш протезлаш амалиёти яқин орада жиддий ўзгаришларга учрашидан умид қилиб бўлмайди. Тиш ўстириш амалиёти кенг тарқалишига камида 20 йил бор.
Балиқлар, амфибиялар ва ўрмаловчиларнинг кўпчилигида умр давомида тишлар алмашиб боради. Наҳангларда бундай ҳолат минглаб маротаба қайталанади: синиб қолган олд тишларнинг ўрнини кейинги қатордагилари эгаллаб боради.
Нега унда регенерация салоҳиятига эга инсон тишлари емирилади ва қайта тикланмайди? Нега эмаль ва дентин ёш ўтиши билан йўқолиб боради, ўтказувчи каналлар озиқ моддаларни ўтказмай қолади, “ўлик йўл”га айланади, қон таъминоти ёмонлашади, қурувчи ҳужайралар ҳалок бўлади, қолганлари эса тиш тўқималарини нотўғри шакллантиради?
Тишларнинг емирилишига сабаблар кўп. Унга қарши курашишнинг ягона йўли — емирилиш кучига қарши курашиш. Бунинг учун бошқа куч — қайта тикланиш кучига мурожаат этмоқ лозим. Бу кучни чақиришда инсоннинг билими ва ишончи муҳим омил бўлади.
Айрим шифобахш воситалар ҳақида маълумот
Йоглар пастаси (В. В. Востоков рецептига кўра)
Идишга бир неча томчи зайтун ёғи қуйиб, кофе майдаловчи ускунада кукунга айлантирилган денгиз тузидан қўшилади. Бу восита ёрдамида тишлар тозаланади, бунда оддий тиш чўткасидан, дарахт новдаларидан ёки қўллардан фойдаланиш мумкин.
Оғиз чайиш учун аралашма (Б. Болотов бўйича)
0,5 литр ароқни 0,5 финжон майдаланган игир томири билан аралаштириб, икки ҳафтага олиб қўйилади.
0,5 ароқни 10–20 грамм майда тўғралган прополис билан аралаштириб, икки ҳафта олиб қўйилади. 1 финжон игир аралашмасига 0,5–1 чой қошиғида прополис аралашмасини қўшиб, оғиз 2–3 дақиқа мобайнида чайилади. Бу бир ой мобайнида такрорланади.
Прополис ва игир алкалоиди тиш тўқималарига кириб, микроёриқларни оғриқсизлантиради ва пломбалайди, кариес, пародонтоз ва бошқа касалликлар ўсишини тўхтатади.
Изоҳ (0)