Кеча, 27 март куни Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида дзюдо бўйича Гран-при туркумига кирувчи нуфузли мусобақа якунланди, деб хабар бермоқда «Оламспорт».
Дунёнинг 67 давлатидан иштирок этган полвонлар орасида Ўзбекистон шарафини 6 нафар дзюдочи ҳимоя қилди.
27 март, якшанба куни беш нафар ўзбекистонлик дзюдочи татамига чиққан бўлса, улардан энг яхши натижани Сойиб Қурбонов қайд этди. У аввалига грузиялик Жаба Мумладзени енгди. Иккинчи босқичдаги рақиб йўқлиги сабаб, учинчи даврага курашсиз йўл олди. Бу босқичда Сойиб Қурбонов эронлик Жавад Маҳжоубга ютқазиб қўйди. Бронза медали учун ўтиш беллашувида иштирок этган Қурбонов грузиялик Бека Гвиниашвилига имкониятни бой берди ва якунда 5-ўрин билан кифояланди.
Қайд этиш жоиз, мусобақанинг илк куни -60 кг вазн тоифасида татамига чиққан ўзбекистонлик Диёрбек Ўрозбоев барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритган эди. Диёрбек финалга қадар исроиллик Артём Аршански, россиялик Арам Григорян, болгариялик Янислав Герчев, қирғизистонлик Отар Бестаевни таслим этди. Финал беллашувида эса Диёрбек Ўрозбоев мўғулистонлик Амартувшин Дашдаваани битта шидо, иккита вазари баҳоси эвазига енгди.
Якунда Ўзбекистон терма жамоаси 67 давлат орасида тўққизинчи ўринни банд этди. Мирали Шарипов, Дилшод Чориев ва Гулноза Матниязова гуруҳдан чиқа олмади.
Изоҳ (0)