Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин АҚШнинг Майами шаҳрида давом этаётган Masters туркумидаги Miami Open теннис турнирида ўз иштирокини якунлади.
Мусобақа расмий сайтининг маълум қилишича, иккинчи даврада 29 ёшли ўзбекистонлик теннисчи дунёнинг иккинчи ракеткаси, британиялик Энди Маррейга қарши кортга чиқди. Бир соату 39 дақиқа давом этган учрашувда 6:3, 7:5 ҳисоби қайд этилиб, Маррей фойдасига ҳал бўлди.
Эслатиб ўтамиз, биринчи даврада Денис Истомин хорватиялик Борна Чоричга қарши кортга чиқиб, 4:6, 7:5, 7:5 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Маълумот учун, Miami Open турнирининг соврин жамғармаси 7 037 595 долларга тенг бўлиб, иккинчи даврага қадар етиб келган теннисчилар 19 530 доллар миқдорида мукофот пули билан тақдирланади.
Изоҳ (0)