Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун, 24 март куни ЖЧ—2018 ва Осиё Кубоги—2019 қўшма саралашининг «Ҳ» гуруҳидан ўрин олган ўйинда Филиппинга қарши майдонга тушади.

Фото: ЎФФ матбуот хизмати

Фото: ЎФФ матбуот хизмати

Бош мураббий Самвел Бабаян қўл остидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси ғалаба қозонса, ЖЧ—2018 саралашининг сўнгги босқичига чиқиши ҳам мумкин — агар БАА ўз майдонида Фаластинга, Ироқ эса Таиландга очко улашса. Йўқса, Ўзбекистон барча масалани сўнгги тур — 29 март куни Баҳрайнга қарши бўладиган ўйинда ҳал қилиши керак бўлади.

Ўзбекистон ва Филиппин ҳозирга қадар фақатгина бир марта тўқнаш келган. Мазкур саралашнинг биринчи давраси доирасида Манилада кечган беллашувда Ўзбекистон терма жамоаси 5:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Игорь Сергеев ҳамда Сардор Рашидов учрашувда дубл қайд этган бўлса, яна битта гол Одил Аҳмедов ҳисобига ёзилган.

Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида бўладиган ўйинда БААнинг «Аш-Шабаб» клуби ярим ҳимоячиси Азиз Ҳайдаров, дисквалификация туфайли, Ўзбекистон миллий терма жамоасига ёрдам бера олмайди. Азиз Ҳайдаров Филиппинга қарши дастлабки ўйиннинг 71-дақиқасида, кейинроқ Яманга қарши саралаш беллашувнинг 84-дақиқасида ҳакам томонидан огоҳлантирилган эди.

ФИФА рейтингида 74-ўринда бораётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатининг ҳал қилувчи саралаш босқичи учун курашни давом эттираётган бўлса, ФИФА рейтингида 135-поғонада турган Филиппин бу йўлланмадан аллақачон қуруқ қолган. Томас Дули бошчилик қилаётган филиппинликлар ҳозирча 2019 йилги Осиё Кубогида иштирок этиш имкониятларини сақлаб турибди.

Мусобақа регламентига кўра, ЖЧ—2018 сўнгги саралаш босқичига саккизта гуруҳ пешқадамлари, шунингдек, энг яхши натижа қайд этган тўртта 2-ўрин эгалари йўл олади. Ўз гуруҳида иккинчи бўлиб турган термалар орасида Ўзбекистон Сурия ва Иорданиядан кейин учинчи ўринда бормоқда. Агар Филиппин устидан ғалаба қозонилса, Ўзбекистон бу борада 1-ўринга олиб чиқади.

Шунингдек, бу турда КХДР терма жамоаси дам олиши ҳам ҳисобга олинса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси «Ҳ» гуруҳида вақтинчалик пешқадамга айланиб олиши мумкин.

ЖЧ—2018 ва Осиё Кубоги—2019 саралаши «Ҳ» гуруҳи 24 март, пайшанба

ЎЗБЕКИСТОН — ФИЛIPПИН

Ҳакамлар: Рюжи Сато (Япония), Тору Сагара (Япония), Шинжи Очи (Япония), Пу Удом Сивакорн (Таиланд).

Тошкент, «Бунёдкор» стадиони. Бошланиш вақти — 18:00.

Изоҳ
Асосий янгиликлар