Тошкент шаҳридаги Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортларида ITF туркумига кирувчи, ўсмирлар ўртасидаги Tashkent ITF Juniors теннис мусобақаси 19 март куни ўз ниҳоясига етди. Бу ҳақда «Sports.uz» хабар берди.
Яккалик баҳслари финалида ўзбекистонлик теннисчилар Жўрабек Каримов ва Ҳумоюн Султонов ўзаро баҳс олиб борди. Унда 3:6, 6:0, 6:1 ҳисоби қайд этилиб, 2016 йилги Australian Open вице-чемпиони Жўрабек Каримов фойдасига ҳал бўлди.
Шу тариқа, 17 ёшли ўзбекистонлик теннисчи Tashkent ITF Juniors чемпионлик унвонини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Қизлар ўртасидаги яккалик баҳси финалида эса россиялик Амина Аншба беларуслик Юлия Хатукага қарши баҳс олиб борди. Унда 6:3, 6:1 ҳисобида россиялик теннисчи ғалаба қозонди.
Қайд этиш керакки, Жўрабек Каримов жорий мавсумда иккинчи бор ўсмирлар ўртасидаги турнир ғолиби бўлди. Аввалроқ, ўзбекистонлик теннисчи Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган «Елцин Кубоги» теннис турнирининг бош совринини қўлга киритган эди.
Изоҳ (0)