Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Дилшод Турдиев Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилган ва Рио–2016 Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун ўйналган турнирда кумуш медалга сазовор бўлди, деб хабар беради «Оламспорт».
Мазкур турнирнинг -75 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Дилшод Турдиев финал учрашувида кореялик Хьёнву Кимга 2:12 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Финалга қадар ўзбекистонлик спортчи чорак финалда япониялик Шохей Якибуни 9:0, ярим финалда эса қирғизистонлик Атабек Азисбековни 5:4 ҳисобида таслим этганди. Мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлган Турдиев Рио–2016 Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Яна бир ўзбекистонлик спортчи Мўминжон Абдуллаевга бироз омад етишмади. -130 килограмм вазн тоифасида курашган Абдуллаев, чорак финалда япониялик Арата Сонодани 6:0 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, ярим финалда қирғизистонлик Мурат Раҳмоновга 0:4 ҳисобида ютқазди. Бронза медали учун кечган баҳсда эса Мўминжон Абдуллаев тожикистонлик Муроджон Тўйчиевдан устун келди.
Қайд этиш керакки, мазкур мусобақада фақат финалга қадар етиб борган курашчиларга, яъни, биринчи ва иккинчи ўрин соҳибларига Рио–2016 йўлланмалари тақдим этилди. Дилшод Турдиев Олимпиада ўйинларига спорт курашларида Ўзбекистон вакилларидан йўлланмани қўлга киритган учинчи спортчи бўлди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили АҚШда ўтказилган Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик эркин курашчи Ихтиёр Наврўзов -65 килограмм вазн тоифасида кумуш медали, юнон-рум курашчиси Рустам Ассакалов эса -85 килограмм вазн тоифасида кумуш медали ва шу билан бирга Олимпиада йўлланмаларини ҳам қўлга киритган эди.
Изоҳ (0)