16 март, чорашанба куни ОЧЛ гуруҳ босқичининг 3-турида Қатарнинг «Ал-Жаиш» жамоаси ўз майдонида Қаршининг «Насаф» футболчиларини қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида «Ал-Жаиш» бош мураббийи Сабри Лямуши иштирок этди, деб хабар бермоқда «Насаф» матбуот хизмати.
«Биз ‘Насаф’га қарши баҳсда ғалаба қозонишни мақсад қилгандик ва ўйин охирида бўлса-да, гол киритиб, уч очкони ўз ҳисобимизга расмийлаштирдик. ‘Насаф’ ҳам кучли жамоа эканини шогирдларимга таъкидлаган эдим. Шу боис, йигитлар финал ҳуштаги чалингунига қадар ғалабага ишониб ҳаракат қилди ва ўз мақсадларига эришди. Гуруҳда биринчи даврадан кейин 100 фоизлик натижани қайд этиш албатта ёқимли ҳолат. Бу ғалабалар бизга кейинги ўйинларда ҳам шу руҳда давом этишимизга асос бўлишига шубҳа йўқ», – дейди қатарликлар бош мураббийи Сабри Лямуши.
Маълумот учун, «D» гуруҳи 3-туридан сўнг «Ал-Жаиш» жамоаси 9 очко билан биринчи ўринни эгаллаб турган бўлса, «Насаф», «Ал-Айн» ва «Ал-Аҳли» клублари 3 очко билан 2–4-ўринларни бўлишиб турибди.
Изоҳ (0)