Эртага, 16 март куни Осиё Чемпионлар Лигаси 3-турида Қатарнинг «Ал-Жаиш» жамоаси Қаршининг «Насаф» клубига қарши баҳс олиб боради. Бўлажак ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Рўзиқул Бердиев иштирок этди, деб хабар бермоқда «Насаф» матбуот хизмати.
- Гуруҳимизда ҳозирча «Ал-Жаиш» жамоаси етакчилик қилмоқда. БААнинг бугунги кундаги энг кучли жамоаларидан бири «Ал-Айн»дан олти очко олиш бу «Ал-Жаиш»нинг кучли эканидан далолат бериб турибди. Биз жамоа иштирокидаги ўйинларни кўриб чиқдик. Улар тартибли ўйин кўрсатади ва индивидуал жиҳатдан кучли футболчиларга эга. Рақиб қарши ҳужумлардан ҳам самарали фойдаланишга интилади. Биз эртанги ўйинда ўзимиз учун ижобий натижани қўлга киритиш учун ҳаракат қиламиз. Таркибда йўқотишлар йўқ. Барча футболчилар яхши кайфиятда ва эртанги баҳсга тайёр, – дейди Рўзиқул Бердиев.
«Ал-Жаиш» — «Насаф» ўртасидаги учрашув 16 март, чоршанба куни Доҳадаги «Абдуллоҳ бин Носир бин Халифа» стадионида, Тошкент вақти билан 20:45 да бошланади.
Маълумот учун, «Ал-Жаиш» жамоаси ОЧЛ 2-туридан сўнг «D» гуруҳида 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда. «Насаф» 3 очко билан иккинчи поғонани банд қилиб турибди.
Изоҳ (0)