Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев дипломатик миссиялар раҳбарларидан ишонч ёрлиқлари қабул қилиш маросимида Қозоғистон Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасидаги стратегик ҳамкори сифатида кўришини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда Оқ Ўрданинг расмий сайти орқали хабар қилинди.
«Мамлакатларимизнинг умумий чегараларга эга бўлиши икки томонлама алоқаларнинг ҳар томонлама ривожлантирилишини тақозо қилади», — деди у.
«Ўтган ҳафта икки томонлама ҳамкорлик бўйича Қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг 15-йиғилиши бўлиб ўтди. Эришилган келишувлар реализацияси Қозоғистон—Ўзбекистон муносабатларини янги сифат босқичига кўтаришига ишончим комил. Биз савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳамма йўналишлари бўйича самарадор ишлаш учун барча имкониятларга эгамиз. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг охирги ташрифи давомида эришилган келишувга мувофиқ, мен ҳам июнь ойида Тошкентга ташриф буюриб, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги йиғилишида иштирок этишни режалаштирмоқдаман», — деди Нурсултон Назарбоев.
Маросимда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Икром Назаров Нурсултон Назарбоевга ишонч ёрлиқларини топширди.
Изоҳ (0)