Голландиянинг Эйндховен шаҳрида таэквондо бўйича G1 туркумига кирувчи Lotto Dutch Open Taekwondo Championships–2016 мусобақаси якунланди, деб хабар беради «Оламспорт».
12–13 март кунлари Эйндховен шаҳридаги Indoor Sportcentrum Eindhoven спорт мажмуасида ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида 43-бор ўтказилган нуфузли мусобақада жаҳоннинг 1100 нафардан ортиқ таэквондо усталари ўз имкониятини синовдан ўтказди. Александр Ким бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси таэквондочилари ҳам мазкур мусобақада катта таркиб билан иштирок этди.
Мусобақанинг биринчи кунида -87 килограмм вазн тоифасида даянга чиққан ўзбекистонлик Жасур Бойқўзиев бронза медалига сазовор бўлган эди. Кеча, 13 март куни мусобақанинг сўнгги кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари биттадан олтин, кумуш ҳамда бронза медалига сазовор бўлди.
Ўзбекистон термасига ягона олтин медални +68 килограмм вазн тоифасида даянга чиққан Светлана Осипова олиб келди. У финал беллашувида хорватиялик Ова Позегани мағлубиятга учратди.
-74 кг вазн тоифасида ўз имкониятини синовдан ўтказган ўзбекистонлик Никита Рафалович мусобақанинг бронза медалини қўлга киритди. Россиялик Саид Устаев олтин, болгариялик Теодор Георгиев кумуш медалга сазовор бўлди.
Энг оғир, +87 килограмм вазн тоифасида амалдаги Жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик Дмитрий Шокин финалгача мағлубиятсиз етиб борганди. Финал учрашувида эса у кутилмаганда жаҳон рейтингида ўзидан анча пастда турган россиялик Юрий Кириченкога битта очко фарқи билан имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медални қўлга киритди. Ушбу вазн тоифасида бронза медаллари россиялик таэквондочилар Олег ва Роман Кузнецовларга насиб этди.
Қайд этиш жоиз, Эйндховен даянларида Ўзбекистон шарафини қизлардан Светлана Осипова (+68 килограмм), Нигина Ражабова (-46), Гўзал Норбобоева (-53), Назокатхон Нажмиддинова (-53), Заря Қосимова (-53), Дилфуза Холбўтаева (-62) ва Нигора Турсунқулова (-67) ҳимоя қилди. Эркаклар терма жамоаси таркибидан эса Валентин Хегай (-54 килограмм), Тимурбек Ўролов (-58), Шаҳбоз Шофайзиев (-68), Никита Рафалович (-74), Максим Рафалович (-80), Жасур Бойқўзиев (-87) ва Дмитрий Шокин (+87) жой олганди.
Изоҳ (0)