АҚШ президенти Барак Обама жорий йилнинг апрель ойида Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидаги аъзолигини қўллаб-қувватлаш мақсадида Лондонга ташриф буюради. Бу ҳақда, The Independent on Sunday газетасининг электрон версиясига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
АҚШ етакчиси 24 апрель куни Германиядаги Hannover Messe технологик кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этиши кўзда тутилган. Ўша кунларда у Лондонга ҳам боради.
Газетада ифодаланган фаразга кўра, Британиянинг ЕИдаги аъзолигини қўллаб-қувватлаш кампаниясига Обаманинг қўшилиши қироллик жамоатчилиги фикрига жиддий таъсир ўтказиши мумкин. The Independent on Sunday буюртмасига асосан ўтказилган сўровнома натижаларига мувофиқ, аъзоликни сақлаб қолиш тарафдори бўлган бош вазир Дэвид Кэмеронни Бирлашган Қиролликнинг 35 фоиз аҳолиси қўллаб-қувватласа, унинг рақобатчиси — Лондон мэри Борис Жонсон тарафдорлари 34 фоизни ташкил қилади.
Буюк Британиянинг Евроиттифоқ таркибида қолиши ёки ундан чиқиши масаласи 23 июнь куни ўтказиладиган референдумда ҳал бўлади.
Изоҳ (0)