Германиянинг Йена шаҳридаги Фридрих Шиллер номли университет олимлари ахборотни кичик масофаларга фақатгина квантли усул билан узатиш мумкин, деган фикрга чек қўйди. Улар лазерлар тизимидан фойдаланган ҳолда классик Ньютон физикаси қонунлари доирасида муваффақиятли тажриба ўтказиб, тадқиқот натижаларини чоп этди, деб хабар беради «Hi-Tech Mail.ru».
Тажриба муаллифларидан бири Александр Замейтнинг тушунтиришича, электронлар ва фотонлар моҳиятан «чапланган» ҳолатда мавжуд бўлган элементар зарралардир. Уларнинг макондаги мутлақ жойлашувини аниқ-равшан билиб бўлмайди.
Аммо бундай тизим ичида ахборотни «чапланган» зонада бир нуқтадан бошқасига вақт сарфламаган ҳолда узатиш мумкин. Бу жараён квантли телепортация деб аталади.
Замейт ҳамкасблари билан Ньютон физикаси олами доирасида шу ишни амалга ошира олди. Бунинг учун эса ўзаро боғланган лазерлар тизимидан фойдаланилди.
Муайян тезликда айланадиган қутблашувчи пластиналардан фойдаланилса, классик физика қонунлари билан тавсифланадиган оламдаги ёруғлик нурларини чалкаштириб юбориш мумкин. Шундан сўнг нурларни «Ёки» мантиқий операциясининг (дизъюнкция) ёруғлик вариантини реализация қилувчи ускунадан ўтказиш талаб этилади. Натижада битта нурдаги ахборот иккинчисига ўтиб қолади.
Ахборот сифатида тажрибада лазер нурининг қутблаштирилиши кўрилди. Тажрибалар шуни кўрсатдики, агарда иккита лазер нури бир-бирига яқин жойлашган бўлса, бу маълумотларни биридан иккинчисига дарҳол ўтказиш мумкин.
Тадқиқот натижалари телепортациянинг фақатгина квантлар олами феномени бўлмай, бутун Коинот учун универсал эканлигини кўрсатди. Шу билан бирга, квантли телепортация маҳаллий характерда бўлмай, ҳар қандай масофада ишлайди. Классик физикадаги телепортация эса ҳозирча фақат қисқа масофалар учун яроқли.
Тадқиқот муаллифлари янги услубда одамни ҳам, бошқа тирик ёки нотирик материя объектларини ҳам телепортация қилиб бўлмаслигини тан олди. Аммо методикадан ҳисоблаш ускуналари ичида тезкор ахборот узатишда, шунингдек, классик ва квантли қурилмалар ўртасида алоқа каналлари ташкил қилишда фойдаланиш мумкин.
Изоҳ (0)