Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, «Камолот» ЁИҲ БТ, Хотин-қизлар Қўмитаси ҳамда «Маҳалла» телеканали ҳамкорликда институт маданият саройида 8 март Халқаро хотин-қизлар байрами, шунингдек, Соғлом она ва бола йилига бағишланган «Маҳалламиз маликаси» кўрик танлови бўлиб ўтди. Бу ҳақда институт «Дарё»га хабар қилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад соғлом турмуш тарзи, болалар тарбияси, орасталик ва оилада ўзаро ҳурмат, муҳаббат, талаба-қизларни оилага тайёрлаш ва улар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ғояларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган етти нафар гўзал истеъдод соҳибаси эришган ютуқлари, спорт соҳаси, пазандалик сирлари, куй ва қўшиқлар ҳамда саҳна кўринишларидан иборат шартлар бўйича беллашиб, ўз иқтидорларини намоён этди.
Беллашувнинг энг зукко ва доно иштирокчиси Сарвиноз Рўзметова «Маҳалла маликаси» номига муносиб деб топилди.
Барча иштирокчилар институт раҳбарияти ва «Камолот» ЁИҲ бошланғич ташкилоти томонидан қимматбаҳо совғалар, фахрий ёрлиқ ва дипломлар билан тақдирланди.
Изоҳ (0)