Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков, теннисчи Мария Шарапова, фигурист Екатерина Боброва ва бошқа бир қатор спортчилар билан боғлиқ допинг можароси ҳақида фикр билдирар экан, бу ҳолатни бутун Россия спортига ҳамда унинг ютуқларига нисбат бериш керак эмаслигини таъкидлаб ўтди, деб хабар беради «РИА Новости».
«Шубҳасиз, Кремлдагилар бундан хабардор, спорт вазирлиги орқали биз ахборот олиб турибмиз. Албатта, биз бундан афсусдамиз. Шу билан бирга, бу вазиятни бутун Россия спортига нисбат бериш керак эмас, ахборотни бу ҳолат Россия спортига соя солади, спортчиларимизнинг ажойиб натижаларига соя солади, деган шаклда тақдим этмаслик керак», — деди Песков.
Песков бунда гап фақат алоҳида спортчилар ҳақида кетаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Аввалроқ россиялик теннисчи, дунёнинг энг бой аёл спортчиси Мария Шарапова Лос-Анжелесдаги махсус матбуот анжумани чоғида 2016 йилги Австралия очиқ чемпионатида ундан олинган намуналарда тақиқланган дори — мельдоний топилганини тан олди. Халқаро теннис федерацияси (ITF) россиялик спортчи 12 мартдан бошлаб барча мусобақалардан четлатилишини маълум қилди.
Изоҳ (0)