Нью-Йоркнинг собиқ мэри, Bloomberg ахборот агентлиги эгаси Майкл Блумберг АҚШ президентлиги учун курашмаслигини маълум қилди. Bloomberg View сайтидаги рукнида у ўз номзодининг кўрсатилиши миллиардер Дональд Трамп ёки Техас сенатори Тед Крузнинг ғалабасига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади, хабар беради «РБК».
«Маълумотларни кўздан кечирганимда, агарда пойгага қўшилсам, юта олмаслигимни тушундим. Айрим кўп миллатли штатларда ғалаба қозона олишимга ишонаман, лекин бу сайловчилар коллегиясининг ғалаба учун зарур бўлган 270 овозини олиш учун камлик қилади», — деб ёзади Блумберг.
Шунингдек, миллиардер овозларнинг кўпчилигини олганида ҳам ютиб чиқишига ишонмаслигини тан олди, негаки Конгресс аъзоларининг кўпчилик қисми, унинг фикрича, барибир ўз партиядошларини ёқлаб чиқади.
«Конгрессдаги партиялар тарафдорлари кейинги президентни белгилайди, Америка халқи ёки коллегия эмас», — деди Блумберг.
«Айни пайтда Конгресснинг иккала палатасини республикачилар назорат қилади. Шу боис номзодимни кўрсатишим Дональд Трамп ёки сенатор Тед Крузнинг сайланишига олиб келиши эҳтимоли юқори. Бундай хатарга мен тинч кўнгил билан бора олмайман», — деб сўзида давом этди собиқ мэр.
Блумбергнинг ёзишича, Трамп «зиддиятга ва демагогияга тўла» кампания олиб бормоқда, Крузнинг АҚШга муҳожирларни қабул қилишда диний мансубиятни инобатга олиш ҳақидаги таклифи эса мамлакатда бўлинишни келтириб чиқаради.
«Мен мамлакатимизни ортиқ даражада яхши кўраман, бирлигимизни заифлаштирадиган ва келажагимизга соя соладиган номзоднинг сайланишига ёрдам беришни истамайман. Шу боис АҚШ президентлиги пойгасига қўшилмайман», — деб хулоса қилди Блумберг.
Шу йил январида Майкл Блумберг АҚШ президентлиги учун сайловларда мустақил номзод сифатида иштирок этишга ҳозирлик кўраётгани ва сайловолди кураши учун ўз маблағи ҳисобидан камида 1 миллиард доллар сарфлашга тайёр эканлиги маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)