Ўзбекистоннинг иккинчи ракеткаси Фаррух Дўстов Франциянинг Кемпер шаҳри мезбонлик қилаётган «Челленжер» туркумига кирувчи, соврин жамғармаси 42500 еврони ташкил қилувчи мусобақадаги иштирокини якунлади, деб хабар беради «Олмаспорт».
Дунё рейтингида 218-ўринни эгаллаб турган Дўстов мусобақанинг иккинчи даврасида ATP рейтингида 104-ўринда бораётган голландиялик Игорь Сийслингга қарши кортга чиқди. Бир соату 6 дақиқа давом этган беллашувда голландиялик теннисчи 6:1, 6:4 ҳисобида зафар қучди.
Эслатиб ўтамиз, Фаррух Дўстов илк босқичда дунё рейтингида 142-поғонадан жой олган ва турнирнинг еттинчи ракеткаси бўлган франциялик Кенни Де Шеппердан 7:6, 4:6, 6:3 ҳисобида устун келган эди. Жуфтликлар баҳсида эса италиялик Андреа Арнабольди билан тандем ҳосил қилган Дўстов биринчи босқичда мезбон теннисчилар Дэвид Гуэз ҳамда Максим Тейшерага 5:7, 0:6 ҳисобида ютқазиб қўйганди.
Изоҳ (0)