Apple корпорациясини АҚШ расмийлари билан судлашувда 20 га яқин технологик компания қўллаб-қувватлади. «ТАСС» агентлигининг маълум қилишича, бу компаниялар орасида Twitter, eBay ва AT&T бор, Microsoft, Google ва Facebook эса яқин кунларда Apple’га хайрихоҳлик билдиради.
Компаниялар судга Apple фойдасига далиллар ва фикрлар келтирилган «дўстона аргументация» йўллаган ёки шунга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳужжат судда иштирок этмаётган тарафнинг муносабатини акс эттирувчи махсус шакл ҳисобланади.
Айни пайтда Apple тарафини ёқлаётган компаниялар қаторига LinkedIn ижтимоий тармоғи, Airbnb онлайн эълонлар майдони қўшилди. Яқин кунларда уларнинг ортидан Firefox браузери ишлаб чиқарувчиси Мозилла ҳамда Snapchat ва WhatsApp мессенжерларига эгалик қилувчи компаниялар эргашади.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни АҚШ суди Apple корпорацияси Федерал қидирув бюроси ходимларига «Сан-Бернардино мергани»нинг телефонини бузиб, ундаги маълумотларни олишда ёрдам бериши лозимлиги ҳақида қарор қабул қилди.
Суд қарорига мувофиқ, корпорация шу пайтга қадар террорчилардан бири Саид Фаруқнинг мобил ускунаси маълумотларига бузиб кира олмаётган ФҚБ ходимларига махсус дастурий таъминот тақдим этиши талаб қилинади. Корпорация раҳбари Тим Кук бунга жавобан суд қарорига расмий эътироз билдирилишини таъкидлаб ўтган эди.
Изоҳ (0)