Apple корпорациясининг Россиядаги ваколатхонаси – «Эппл Рус» МЧЖ мамлакатнинг божхона хизмати устидан судга арз қилди. Бу ҳақда «Hi-Tech Mail.ru» хабар бермоқда.
«Эппл Рус» МЧЖ томонидан 18 февраль куни Москва ҳакамлик судига учта ариза киритилган. Улардан биринчисида «бошқа томон» сифатида Шереметьево божхонаси кўрсатилиб, жавобгарнинг хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топиш сўралган, лекин жавобгар ким эканлиги аниқ кўрсатилмаган. Қолган икки ариза Федерал божхона хизматининг Марказий божхона бошқармасига қарши йўналтирилган.
Даъво аризасида, тахмин қилинишича, Apple Watch «ақлли» соатлари оддий соат сифатида кўрилиб, божхона тўловлари шунга мувофиқ оширилиши устидан шикоят қилинган.
«Эппл Рус» Apple Watch соатларини 2015 йил сентябридан экспорт қила бошлаган эди. Даставвал у ахборот қабул қилиш ва узатиш учун симсиз ускуна сифатида таснифланиб, божга тортилмаган эди. Аммо декабрь ойининг бошида гаджет оддий қўл соати сифатида қайтадан таснифланди, шу муносабат билан унга 10 фоизлик бож солинди, маҳсулотнинг чакана савдодаги нархи 15 фоизга ошди.
Изоҳ (0)