Тошкент давлат юридик университетида Ўзбекистон футбол федерациясининг халқаро тоифадаги ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Эрматов билан «Биз ёшлар соғлом турмуш тарафдоримиз» шиори остида учрашув ўтказилди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Университет ректори Есемурат Канязов ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларнинг замонавий билим олиши, чет тилларини пухта эгаллаши, қобилият ва қизиқишларини юзага чиқариши учун барча шароит яратилаётганини таъкидлади.
Инглиз тилида ўтказилган тадбирда Равшан Эрматов ўзининг ҳакамлик соҳасида муваффақиятга эришиши, халқаро миқёсда фаолият юритишида хорижий тилларни яхши билгани муҳим роль ўйнаганини қайд этди.
– Бугунги кунда футбол шунчалик тезлашганки, унда ҳакамлик қилиш, дунёнинг манаман деган футболчиларини бошқариш, уларнинг ҳар бир ҳаракатига вақтида, адолатли баҳо бериш ўта қийин ва масъулиятлидир, – дейди Равшан Эрматов. – Президентимизнинг «биз ҳеч кимдан кам эмасмиз» деган сўзларини ёдимда тутиб, ўзимга ишониб ҳаракат қилганим туфайли муваффақиятга эришяпман. Энг нуфузли мусобақаларда она Ватанимиз – Ўзбекистон номидан қатнашиш менга чексиз ғурур-ифтихор бағишлайди.
Тадбирда футболни ривожлантириш, маҳоратли футболчиларни тарбиялаш борасида ҳам фикр алмашилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Изоҳ (0)