Туркия коалициядаги ҳамкорлари, жумладан, АҚШдан Сурияда беш йилдан буён давом этаётган фуқаролик урушига якун ясаш учун ердаги қўшма операцияларда иштирок этишни сўради. Бу ҳақда Reuters агентлиги маълумотига таяниб, «РБК» хабар беради.
Номи ошкор этилмаган турк мансабдорининг сўзларига қараганда, ҳозирги пайтда ердаги операцияларсиз Суриядаги можарога чек қўйишнинг иложи йўқ, бироқ Анқара бу каби ҳаракатларни бир ўзи амалга оширмайди.
«Туркия бир томонлама тартибда ердаги операцияни бошламайди. Биз коалиция бўйича ҳамкорларимиздан ердаги операцияни ташкил этишни сўрамоқдамиз. Иттифоқчиларимиз билан буни муҳокама қилаяпмиз», — деди мансабдор Истанбулдаги брифингда.
Таркибига 50 дан ортиқ давлат, жумладан Туркия кирувчи АҚШ бошчилигидаги коалиция 2014 йилнинг сентябридан буён Сурияда ҳаво операциясини ўтказмоқда.
Изоҳ (0)