Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин КХДР Меҳнат партияси Марказий қўмитаси аъзолари билан биргаликда 7 февраль куни «Кванмёнсон-4» сунъий йўлдошининг муваффақият билан фазога етказилиши муносабати билан банкет уюштирди. «Сегодня.ua» сайтининг «PrimaMedia.ru» агентлигига таяниб маълум қилишича, партия раҳбарияти тадбир давомида «фазони забт этган» олимлар ва оддий ишчиларни қутлаган.
«Мокран» ресторанида ўтказилган банкетда Ким Чен Ин ҳамда унинг рафиқаси Ли Сол Чжу иштирок этган. Маросимда «Моранбон» мусиқий ансамбли қўшиқлар ижро этган.
Банкетда Ким Чен Ин янги сунъий йўлдошни яратиш ва орбитага етказиш ишига ҳисса қўшган барчанинг шарафига қадаҳ кўтарган.
Эслатиб ўтамиз, кўпгина давлатлар Шимолий Кореянинг янги сунъий йўлдошининг техник имкониятларига шубҳа билан қарамоқда. Илгариги йўлдош маълумотлари КХДРнинг ўзидан бошқа ҳеч кимга кўринмаган эди. «Кванмёнсон-4»нинг сигналлари ҳам ҳозирча ҳеч ким томонидан қайд қилинмади.
Изоҳ (0)