2016 йил 15 февраль куни эрта тонгда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти зиёратчиларидан иборат дастлабки гуруҳлар умра ибодатини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетиши билан «Умра-2016» баҳор мавсуми бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Республика «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши тавсиялари билан ташкил этилган мазкур мавсум давомида 5500 нафар фуқароларнинг умра зиёратига бориши режалаштирилган.
Бу мавсум давомида зиёратчиларга Саудия Арабистонида 8 нафар ишчи гуруҳ, 8 нафар ошпаз ва 27 нафар шифокорлар гуруҳи хизмат кўрсатади.
Ўн кунлик умра сафари давомида ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун бўлиб, «Нур Мавадда» меҳмонхонасида истиқомат қилиши режалаштирилган. Макка шаҳрида эса «Намаа Мавадда» меҳмонхонаси зиёратчиларни кутиб олишга шай ҳолатга келтирилган бўлиб, умрачилар у ерда 7 кун давомида бўлади.
Умра зиёратига тайёргарлик доирасида барча зиёратчилар мавсумий касалликларга қарши эмланиб, давлат рамзи туширилган камзул ва сумкалар билан таъминланди. Сафар олдидан уларга умра сафарининг моҳияти, уни адо этишга доир масалалар гуруҳ раҳбарлари томонидан тушунтирилди.
Умра зиёратчиларини Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъуллари мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда кузатди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ўртасидаги келишувга кўра, «Умра-2016» баҳор мавсуми зиёратчиларини кузатиш 15 февралдан 26 мартга қадар давом этади.
Изоҳ (0)