Кремль Сурияда ҳалок бўлган россиялик ҳарбий маслаҳатчи исми-шарифини ошкор этмади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Мудофаа вазирлигининг бу борада ўзининг тартиб-қоидалари мавжуд, шу боис, табиийки, буни айта олмаймиз», дея изоҳ берган Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков. Ҳалок бўлган ҳарбийнинг тақдирланиши ҳақидаги саволга жавобан, «агар мукофотланиш тўғрисидаги ҳужжат очиқ тусда бўлса, бу ҳақда хабар берилади», дея ишонтирган.
Матбуот котиби маслаҳатчи ҳарбий операцияда қатнашмагани, балки суриялик ҳарбийларни Россия етказиб берадиган техникадан фойдаланишга ўргатганини маълум қилди. Маслаҳатчи қаерда ҳалок бўлгани ҳақидаги саволга эса «ўргатишлар мақсадга мувофиқ деб топилган ҳудудда ўтказилади», дея ноаниқ жавоб берган.
Эслатиб ўтамиз, Сурия мухолифати мамлакатнинг Туркия билан чегараси яқинида 15 нафар Россия ва Сурия ҳарбий хизматчилари ўлдирилгани, улар орасида тўрт нафардан россиялик ва суриялик генераллар бўлгани ҳақида хабар берганди. Россия мудофаа вазирлиги фақат биргина россиялик ҳарбий маслаҳатчи ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Изоҳ (0)