Қозоғистонлик қутқарувчилар 26 январь, сешанба куни Олмаота яқинидаги тоғлардан польшалик йўқолган сайёҳнинг жасадини топди. Бу ҳақда Олмаота фавқулодда ҳолатлар департаментининг расмий вакили Сандугаш Боймуҳамбетова берган маълумотга таяниб, «ТАСС» хабар беради.
«Қозоғистон ИИВ фавқулодда ҳолатлар бўйича қўмитасининг тезкор қутқарув отряди ходимлари томонидан Талгар дарасининг чап қиялигидан польшалик фуқаронинг жасади топилди. Дастлабки маълумотларга қараганда, ўлим ҳаддан ташқари совқотиш натижасида юзага келган», — дейди у.
24 январь куни «Шимбулоқ» тоғ-чанғи курорти атрофига саёҳат қилиш учун чиққан сайёҳнинг йўқолганлиги ҳақидаги хабар қутқарувчиларга 25 январь куни маълум қилинган эди. Тоққа мустақил йўл олиш ҳақидаги қарорни қабул қилган сайёҳ ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган ва ҳаракатланиш йўналишини мувофиқлаштирмаган.
Изоҳ (0)