Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров академик унвонини Чеченистонда тинчликни тиклаганлиги учун олганлигини тушунтирди. Бу ҳақда у Instagram’даги саҳифасида маълум қилди.
«Ўн йил аввал, бош вазирнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган вақтимда, жамоат ташкилоти ҳисобланган Россия Табиий фанлар академияси менга ‘фахрий академик’ унвонини беришга қарор қилганлиги ҳақида маълум қилишди. Мен бир неча ой ушбу унвон ва дипломни олишга рози бўлмадим. Бироқ яқин дўстларим уни рад қилиш одобдан бўлмаслигини маълум қилиб, мени кўндирган эди», — деб ёзди Қодиров.
Чеченистон раҳбари унвон унга республикада тинчлик ва барқарорликни тиклашдаги муваффақиятлари, «Чеченистон фуқаролари ва ҳарбий хизматчилари ҳаётини қутқариш бўйича ҳар куни амалга оширилган меҳнатлари» учун берилганлиги ҳамда «Россия Табиий фанлар академияси ҳеч қачон унвоннинг илмий меҳнатлар учун берилганлигини қайд этмаганлигини» таъкидлаб ўтди.
14 январь куни Красноярск шаҳар кенгаши депутати Константин Сенченко Facebook’даги саҳифасида уч синф таълим олган Қодиров Россиянинг энг ақлли кишиларига берилган академик унвонини олиб, ушбу унвонни обрўсизлантираётганлиги ҳақида ёзган эди. Кейинроқ, Чеченистон вакиллари билан суҳбатдан сўнг, у республика раҳбаридан кечирим сўраган.
Изоҳ (0)