Украина президенти Пётр Порошенко собиқ бош вазир Юлия Тимошенконинг ишини кўриб чиққан Печерский туман суди судьяси Родион Киреевни лавозимидан озод этиш ҳақидаги фармойишни имзолади. Бу ҳақда Meduza хабар беради.
Украина президентнинг сайтига жойлаштирилган хабарда маълум қилинишича, Киреев Адлия кенгашининг хулосасига кўра, собиқ бош вазир Юлия Тимошенконинг айблови юзасидан жиноят ишини кўриб чиқишда мамлакатни тарк этмаслик ҳақида тилхат олиш чорасини асоссиз равишда ҳибсга олиш ҳақидаги чорага алмаштирган.
Юлия Тимошенко Украина ҳукуматини бошқарган даврда Россия билан 2009 йилги газ шартномаларини имзолаш чоғида ўз хизмат вазифаларини суиистеъмол қилганликда айбланиб, 2011 йилнинг октябрида етти йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига тайинланган эди.
2014 йилда Украинада ҳукумат алмашгандан сўнг, Тимошенко озод этилиб, унинг барча ҳуқуқлари қайта тикланган эди. 2014 йилнинг апрелида унга нисбатан ҳукм чиқарган Родион Киреевга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. 2015 йилнинг июлида Киреевга нисбатан қидирув эълон қилинган. Унинг қаерда эканлиги номаълум.
Изоҳ (0)