Жаҳонга машҳур канадалик қўшиқчи Селин Дионнинг турмуш ўртоғи Рене Анжелил томоқ саратони билан узоқ курашдан сўнг вафот этди. Бу ҳақда «Сегодня.ua» хабар беради.
Қўшиқчининг менежери ҳам бўлган 73 ёшли Анжелил Лас-Вегасдаги уйида вафот этди. Унинг ўлими ҳақидаги хабар Селин Дионнинг сайтида пайдо бўлди.
«Рене Анжелил бугун тонгда ўзининг Лас-Вегасдаги уйида саратонга қарши узоқ давом этган мардонавор курашидан сўнг вафот этди. Ҳозирги пайтда Рененинг оиласи унинг шахсий ҳаётини ҳурмат қилишни илтимос қилади. Тўлиқроқ маълумот кейин тақдим этилади», — дейилади хабарда.
Селин Дион Рене Анжелилга 1994 йилда турмушга чиққан эди. Қўшиқчи ундан 26 ёшга кичик эди. Улардан уч нафар фарзанд – 14 ёшли Рене-Чарльз ва беш ёшли эгизаклар Нельсон ва Эдди қолди.
Изоҳ (0)