АҚШнинг Лайма шаҳри (Огайо штати) полициясига қидирувда бўлган эркак участкада олинган сурати ўрнига селфисини юборди. Бу ҳақда Meduza хабар беради.
45 ёшли Дональд «Чип» Пью суратни полицияга «аввалги даҳшатлисига қараганда, бу сурат яхшироқ» деган сўзлар билан юборган.
«Бу суратни жаноб Пьюнинг ўзи юборган. Биз унинг бу ёрдамидан миннатдормиз. Бироқ у ўзига нисбатан эълон қилинаётган айбловлар масаласида гаплашиб олиш учун участкага келса, янада кўпроқ миннатдор бўлардик», — дейилади полициянинг Facebook’даги саҳифасида.
Пьюнинг уринишларига қарамасдан, полиция нафақат унинг селфиси, балки бошқа икки сурати, жумладан, у норози бўлган суратни ҳам чоп этди. Ушбу суратда эркак кулиб тушган.
Жиноятчи судга келмасликда айбланмоқда. Шунингдек, Пью яна бир нечта жиноятлар, жумладан, ўт қўйиш ва вандализм бўйича айбланмоқда.
Пьюнинг маълум қилишича, сурат туфайли у ўз шаҳрининг қаҳрамонига айланган. «Мен буни ахмоқ дўстларим учун қилдим», — деди жиноятчи 104.9 The Eagle радиостанциясига берган интервьюсида.
Изоҳ (0)