Руминиянинг Констанса шаҳар трибунали томонидан мамлакатнинг собиқ президенти Траян Бэсескунинг укаси Мирча Бэсеску коррупция ва обрў-эътиборидан фойдаланиб даромад кўрганликда айбланиб, тўрт йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар қилмоқда.
Шунингдек, суд инстанцияси Мирча Бэсеску томонидан пора тариқасида олинган 265 минг евро миқдоридаги пул маблағини давлатнинг фойдасига мусодара қилди. Бундан ташқари, унинг шахсий мол-мулкига қўйилган хатловни ҳозирча олиб ташламасликка қарор қилинди.
Маълум қилинишича, мазкур жиноят иши бўйича пора олишда воситачилик қилган Бэсескунинг дўсти, тадбиркор Мариан Кэпэцинэ ҳам айбланди.
Суднинг ҳукмига кўра, иккала айбланувчига ҳам жазони ўтаб бўлгандан кейин, икки йил давомида расмий лавозимларни эгаллаш тақиқланди.
Руминия собиқ президенти Траян Бэсеску суднинг қарорини «оғир» деб топиб, укасини инстанциянинг қарорига бўйсунишга ва ҳукм устидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ шикоят қилишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Руминияда қироллик оиласи аъзоси шаҳзода Паул коррупцияда гумон қилиниб, қўлга олинган эди.
Изоҳ (0)