Бухоро вилояти Олот туманидаги 20-болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда таниқли спортчилар, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Қарийб 2 миллиард 250 миллион сўм маблағ сарфланган мазкур мажмуа кураш, стол тенниси, мини футбол, баскетбол, волейбол, қўл тўпи, бокс, муайтай каби спорт турлари билан шуғулланишга ихтисослашган ёпиқ зал, 480 ўринли футбол майдони, енгил атлетикачилар учун махсус югуриш йўлакларини ўз ичига олган.
Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали раҳбари Ўткир Нажмиддиновнинг таъкидлашича, бугунги кунда вилоятда 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг 56 фоиздан зиёди спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Улар орасида қизлар сони ошиб бораётгани янада қувонарли. Янги йил арафасида уларнинг энг фаолларидан 7 минг 488 нафарига Президент совғалари топширилди.
Кейинги беш йилда турли мусобақаларда юқори натижаларга эришаётган салкам 50 минг нафар қиз ана шундай туҳфадан баҳраманд бўлди.
Изоҳ (0)